Нигматов Рахматулла Нигматович, профессор, зав. кафедры "Ортодонтии и протезирования зубов"

Январь 6, 2025 - 16:29
 0  16
Нигматов Рахматулла Нигматович, профессор, зав. кафедры "Ортодонтии и протезирования зубов"

Нигматов Рахматулла Нигматович

Профессор Нигматов Рахматулла Нигматович 1953 йил 1 апрелда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни “олтин медаль” билан тугатиб, 1970 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтининг стоматология факультети ўқиш­га кириб, 1975 йили “имтиёзли диплом” билан тугатганидан кейин госпитал ортопе­дик стоматология кафедрасига клиник ординатурага қабул қилинди.

1977 йилдан бошлаб у поликлиника ва ТошДавТИ нинг болалар стоматоло­гияси кафедрасида шифокор-ортодонт, 1979 йилдан госпитал ортопедик сто­матология кафедрасининг ассистенти лавозимларида ишлади. Ушбу даврда до­центлар - М. М. Мирякубов, В. И. Шилов, К. В. Рудковский, М. В. Бекметов, Л. Х. Хабилов, Ф. К. Исамухамедов, Т. А. Акилов, В. Ф. Назарова, Т. Д. Еганова, ассистентлар - Р. Р. Керрер, К. А. Адылов, Л. Н. Козырева, А. Д. Абдуазимов, С. И. Алимов, А. М. Мурадов, Т. И. Мухитдинов, С. С. Азизова каби тажрибали ўқитувчилар жамоасидан амалий сто­матолгиянинг ва педагогик жараённинг сир асрорларини чуқур ўрганиб борди.

1979-1990 йиллар мобайнида стоматолгиянинг етакчи олимлари, жумла­дан, академиклар А. И. Рыбаков, В. К. Леонтьев ва И. А. Баранов, ортопед стома­толог олим-профессорлар: А. К. Дойников, В.Ю. Курляндский, В. Н. Копейкин, В. А. Меликевич, Н. Т. Данилевский, А. C. Василенко, Х. А. Каламкаров, Л. M. Демнер, М. З. Миргазизов, Г. Т. Танрикулиев ва бошқаларнинг тажрибаси Р. Н. Нигматовнинг илмий-амалий фаолиятига катта ҳиссасини қўшди.

1987 йилда аспирантурага ўқишга кирди ва 1991 йилда Москвада профессор С. А. Зуфаров раҳбарлигида ва илмий маслаҳатчи, физика-математика фанлари док­тори, академик Т. Д. Раджабов бошчилигида “Стоматологик борларни ион-плазмали ишлов беришнинг самарадорлигини баҳолаш ва қўллаш” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Р. Н. Нигматов устози профессор С. А. Зуфаров ғояси асосида “Оғиз бўшлиғи аъ­золари ҳолатига организмнинг умумий соматик касалликларининг таъсири ва ортопедик стоматологик ёндашувни ишлаб чиқиш” мавзуси бўйича докторлик ишини бошлади ва уни устозининг вафотидан сўнг, 2005 йилда “Ички аъзолар касалликла­ри мавжуд беморларда оғиз бўшлиғи ҳолати: ташхиси, давоси ва профилактикаси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бунда унга илмий маслаҳатчи­лар, тиббиёт фанлари доктори, профессор Х. И. Ирсалиев ва тиббиёт фанлари док­тори, профессор И. Р. Мавляновлар томонидан амалга оширди.

1992 йилда Р. Н. Нигматовга доцент унвони, 2007 йилда эса профессор унвони берилди. Профессор Нигматов Р. Н. 560 дан ортиқ илмий, ўқув ва методик нашрлар, жумладан 13 та монография, 14 та дарслик, 15 та ўқув қўлланма, 1 та муаллифлик гувоҳномаси ва 14 та патент ҳамда 14 та рационализаторлик таклифлари муаллифи.

2007 йилда Россия тиббий техника фанлари академияси (РТТФА) нинг ҳақиқий аъзоси (академиги), 2008 йилдан бошлаб Халқаро стоматологик академияси (Асаdemy of Dentistry International)нинг Ўзбекистондаги ягона академиги, 2024 йил­да Американинг FPFA (Fellow of PF academy) академиясига аъзо этиб сайланди.

Р. Н. Нигматов раҳбарлиги остида 1 та докторлик, 5 та номзодлик ва 48 та маги­стрлик диссертациялари тайёрланган ва муваффақиятли ҳимоя қилинган.

Ҳозирги кунда Тошкент давлат стоматология институти “Ортодонтия ва ти­шларни протезлаш” кафедраси жамоаси Р. Н. Нигматов раҳбарлигида “Катталар ва болаларда тиш-жағ тизимидаги аномалия ва деформацияларни ташхислаш, даво­лаш ва олдини олиш” мавзуси бўйича “Ортодонт” илмий мактаби ташкил қилинган. Бугунги кунда проф. Р. Н. Нигматов ушбу илмий тадқиқот мавзулари бўйича иш олиб бораётган 4 та таянч ва 2 та мустақил изланувчиларга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Р. Н. Нигматов 1980-1987 йй. стоматология факультети комсомол ёшлар ташки­лотининг секретари сифатида иш олиб борди. 1991-2001 йилларда Ўзбекистон халқ демократик партияси аъзоси ва Тошкент давлат тиббиёт институтидаги ушбу пар­тиянинг кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритган. 1990-1996 йиллар давомида у стоматологик факультети декан муовини бўлиб ишлаган. Ушбу йиллар мобайнида у доцент А. А. Зуфаров, Э. У. Махкамов, В. А. Епишев, К. Н. Наджимутдинов каби профес­сорлар ва академик Т. А. Даминов билан биргаликда иш олиб борган.

Ўзбекистон Республикаси стоматологларининг 2000 йилдаги 4-съездида Ўз­бекистон стоматологлари Ассоциациясининг Президенти этиб сайланди. 2005 ва 2010 йилларда у икки маротаба ушбу лавозимга қайта сайланди. Унинг раҳбарлиги остида Ўзбекистон стоматологлари Ассоциацияси томонидан “Stomatologiya” ре­спублика илмий-амалий журнали чоп этиб келинмоқда.

1992-1997, 2001-2007 йй. давомида кафедрада ўқув ва илмий ишлар бўйича масъул шахс сифатида ишлаган. 2007-2013 йиллар мобайнида у Тошкент тиббиёт академияси ортопедик стоматология кафедрасида магистратура бўйича дастур ди­ректори бўлиб ишлаган. 2014 йилдан кафедра мудири лавозимида иш бошлаган.

2003-2011 йй. Р. Н. Нигматов Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати қошидаги Бош даволаш бошқармасининг маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб борди. 2006-2009 йй. ЎзР Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттестация комис­сиясида илмий котиб сифатида, 2009-2012 йй. ТТА Ихтисослашган илмий кенгаш раисининг муовини сифатида фаолият кўрсатган.

2023 йилда “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Р. Н. Нигматов нафақат фидоий олим, меҳрибон устоз ва етук ташкилотчи, балки аҳил оила бошлиғи. У 6 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси ва 8 нафар неваралар­нинг севимли бобоси.

Ҳозирги вақтда проф. Р. Н. Нигматов Тошкент давлат тиббиёт институтининг Ор­тодонтия ва тишларни протезлаш кафедраси мудири сифатида ишлаб келмоқда.

“Stomatologiya“ илмий-амалий журналининг бош муҳаррири, “QAFQAZIN” stomatology yangilikleri (Озарбайджон), «Concept» (Қозоғистон) ва “РУССКИЙ ВРАЧ” (Россия) илмий-амалий журналларининг таҳририят аъзоси ҳисобланади.

Таниқли олим, юқори малакали мутахассис ва педагог Рахматулла Нигматович Нигматов тўғри сўзлиги, камтаринлиги, ҳозиржавоблиги, ўзига ва бо­шқаларга нисбатан талабчанлиги билан ажралиб туради.

 

Какова ваша реакция?

like

dislike

love

funny

angry

sad

wow